Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди Теҳронда бўлиб ўтди
.
2026 йил 17 август куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди бўлиб ўтди.
Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон Республикаси делегациясига Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Оловиёв, Эрон Ислом Республикаси делегациясига эса Ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мажид Тахт-Равончи бошчилик қилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўллари юзасидан фикр алмашдилар.
Маслаҳатлашувларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит алоқаларини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, ўзаро манфаатли бўлган муҳим минтақавий ва халқаро масалалар ҳамда долзарб жараёнлар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Маслаҳатлашувлар якунида томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро манфаатдорликларини, шунингдек, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.