6 July 2026
2026/06/29 - 16:01 View: 63

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ УРУШНИ ТЎХТАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИНИНГ ИМЗОЛАНИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МАМЛАКАТИМИЗ ПРЕЗИДЕНТИГА ТАБРИК МАКТУБИ ЙЎЛЛА

.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиён номига йўллаган мактубида урушни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни олқишлаган ҳолда, ушбу ютуқни томонларнинг ўзаро мулоқотлари ва дипломатик саъй-ҳаракатлари натижаси деб биларкан, имзоланган англашув меморандумини томонларнинг қатъий сиёсий иродаси, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамжиҳатликка содиқлигининг ёрқин намунаси деб атади.

 

Ўзбекистон Республикаси президенти мактубининг тўлиқ матни қуйидагича:

 

Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиён Жаноби олийларига.

 

Авваламбор, Сиз, Жаноби олийларига ўзимнинг энг самимий эҳтиромларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан ғоят мамнунман.

 

Шу кунларда Эрон Ислом Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро мулоқотлар ва дипломатик саъй-ҳаракатлар натижасида эришилган кенг қамровли тинчлик келишувини олқишлайман.

 

Имзоланган англашув меморандуми томонларнинг қатъий сиёсий иродаси, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамжиҳатликка содиқлигининг ёрқин намунаси бўлиб, минтақада барқарор тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишига ишончим комил.

 

Ўзбекистон Республикаси барча халқаро ва минтақавий низоларни фақат сиёсий-дипломатик йўллар, тинчликпарвар ташқи сиёсий воситалар орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб, имзоланган ушбу тарихий ҳужжатнинг аҳамиятини юксак баҳолайди.

 

Мазкур муҳим қадам Яқин Шарқ минтақасида вужудга келган зиддиятни юмшатиш, узоқ муддатли тараққиёт учун ишончли пойдевор яратиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Эришилган тарихий натижа Эрон халқининг узоқ муддатли фаровонлиги, мамлакатнинг жадал тараққиёти ва унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширишга муносиб ҳисса қўшади.

 

Биргаликдаги интилишларимиз билан сўнгги йилларда биродар давлатларимиз ўртасида кенг қамровли шериклик касб этган ўзаро алоқалар бундан кейин ҳам изчил ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига аминман.

 

Фурсатдан фойдаланиб, Қодир Аллоҳдан Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, дўст Эрон халқига эса типнчлик-осойишталик ва давомий равнақ тилаб қоламан.

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است