25 November 2024
2022/01/21 - 14:48 View: 398

Эрон-ислом маданиятида аёл ва онанинг ўрни

Эрон-ислом маданиятида аёл ва онанинг ўрни

Жон ва ақлни яратгувчи зот номи билан бошлайман

Аёл жамият танасининг ярми сифатида келгуси авлодни тарбиялашда ҳамда жамият тараққиёти ва мамлакатлар ривожида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

 

Бугунги кунда ер юзи аҳолисининг ярмини аёллар ташкил этади. Булар бизларнинг оналаримиз, опа-сингилларимиз, турмуш ўртоқларимиз ва қизларимиздир. Аёллар жаҳон цивилизацияси ва маданиятини яратишдаги ўрни алоҳида ва ҳаётий аҳамиятга эгадир. Чунки эркак ва аёл бўлишидан қатъи назар жамиятни яратувчи ва юксалтирувчи кишиларнинг барчаси ана шу оналар тарбиялаб, вояга етказган болалардир. Ҳозирги замон Эрон шоираси Парвин Эътисомий аёл тўғрисида гўзал бир тарзда қуйидаги таърифни берган эди:

 

Доман-э модар нахўст омузгор-э кудак аст,

 

Тэфл-э донешвар, кўжо парвардэ, нодон модарий.

 

Мард ё зан, бартарий ва рўтбат аз донэстан аст,

 

З-ин чароғ-э маърэфат к-эмруз андар даст-э мост.

 

Мазмуни: Онанинг этаги боланинг биринчи ўқитувчисидир. Ўзи билимсиз бўлган она эса билимдон болани қандай қилиб ҳам тарбиялаши мумкин. Инсон эркак бўладими ёки аёл, унинг устунлиги ва мавқеи билим туфайли, бугун қўлимизда турган маърифат чироғи туфайлидир.

 

Ҳар бир цивилизация ва маданиятнинг буюклиги ва улуғворлигини ўша цивилизация ва маданиятда аёлларга нисбатан бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ҳамда жамиятнинг мамлакат тараққиёти учун улардан фойдаланишининг даражаси билан боғлиқ деб билиш керак.

 

Тошларга ўйиб битилган қадимги тасвирларда эронлик аёллар доимо чиройли ва дабдабали кийимларда бўлганлиги кўрсатилган. Бу эса уларнинг жамиятда юқори мавқега эга бўлганликларидан далолат беради. Эронда аёллар уй бекалиги вазифасини бажариш ва ўз турмуш ўртоқларига кўмаклашишдан ташқари жамиятнинг маданий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида ҳам иштирок этишган.

 

Эрон ёзувчилари ва шоирлари асарларида аёллар эркаклар билан бир қаторда жамиятда муҳим ва таъсирчан ўрин тутганликлари ҳикоя қилинади. Саъдий, Ҳофиз, Низомий ёки Манижа каби шоирлар шеърларидаги Ширин образи ёхуд Фирдавсий «Шоҳнома»сидаги Рўдоба ва Сўдоба образлари уларнинг жамиятда тутган ана шу муҳим ва таъсирчан ўрнидан далолат беради.

 

Фирдавсийнинг айтишича, умр йўлдоши қадимий манбалардан тарихий воқеалар тўғрисидаги қиссаларни унга ўқиб бериб турган, у эса буларни шеърга айлантирган. Шу тариқа унинг аёли форс адабиётининг энг буюк шоҳ асарларидан бирининг яратилишида иштирок этган.

 

Эроннинг узоқ тарихи давомида аёллар орасидан буюк мутафаккирлар, шоирлар, санъаткорлар, врачлар, муҳандислар ва сиёсатчиларнинг етишиб чиққанлиги Эрон-ислом маданиятида аёлларнинг юксак ўрин тутганлигидан далолат беради.

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб танланганларидан кейин Арабистон ярим оролида аёлнинг ачинарли аҳволи тубдан яхши томонга ўзгарди. Ул ҳазрат кишининг ўз умр йўлдоши ва қизи билан ўзаро муносабатдаги хатти-ҳаракатининг олий намунасини тарихга қайд этиб қўярканлар, «Жаннат оналар оёғи остидадир» деб марҳамат этдилар.

 

Эрон Ислом Республикасида аёллар эркаклар билан бирга мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Аёлга бўлган ҳурмат ва уни улуғлаш Эрон давлатининг қонунларида ҳам, Эрон халқининг маданиятида ҳам яққол акс этган. Жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимаи Заҳронинг туғилган куни бутун Эронда аёл ва она куни сифатида катта тантана билан нишонланади.

 

Ушбу мақолани Эроннинг истеъдодли ва мутафаккир шоираси Парвин Эътисомийнинг аёлларга бағишлаб ёзган ҳамда ҳақли равишда аёллар ва оналарнинг ўрни ва роли тўғрисидаги энг яхши ва энг мукаммал сўз ҳисобланмиш гўзал бир шеъри билан поёнига етказмоқчи эдим (шеърий парчанинг насрий мазмуни келтирилади):

 

Аёл бўлмаган уйда меҳру шафқат ҳам бўлмас,

 

Қалби ўтган вужудда руҳ ҳам ўлган бўлади.

 

Қазойи азал бирор бир масалаю мавзуда

 

Эркакка комиллиг-у аёлга нуқсон ёзмади.

 

Фариштадек эди аёл пайдо бўлган чоғидан,

 

Шундай бир фариштаки, шайтон таъна қилади.

 

Афлотун ила Суқрот буюк бўлдилар, чунки

 

Кичикликдаги тарбияловчилари буюк эди.

 

Болалигида онасининг бешигида кўп ухлади,

 

Сўнгра ҳикмат мактабила ҳаким бўлди Луқмон. 

 

Паҳлавонми, соликми ёки зоҳид, фақиҳми,

 

Барчаси шу мактабнинг ўқувчиси бўлдилар.

 

Меҳр дарсин қаердан ҳам ўқир онасиз бола,

 

Тартиб ва хавфсизлик қаердан ҳам бўлсин подшоҳсиз мамлакатда?

 

Аёл ва эркакнинг вазифасин, эй донишманд, биласанми?

 

Уларнинг бири кема бўлса, иккинчиси кема бошқарувчисидир.

 

Доимо бугунги қиз эртанги онадир,

 

Ўғилларнинг улғайиши эса онадандир.

 

Ҳамид Наййирободий,

 

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

 

Фавқулодда ва Мухтор Элчиси

 

Ҳижрий-шамсий 1400 йилнинг дей ойи / милодий 2022 йилнинг январь ойи

 

 

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است