Эронда хаттотлик

 

Ёзув ва хаттотлик  қадим замонлардан Эронда алоҳида мақом ва ўринга  эга бўлиб, комилликнинг узоқ йўлини босиб ўтган. Эроннинг шимоли-ғарбидаги ясси тоғликларидан топилган иероглиф шаклидаги битик-катибалар,  Сийлак ва Морлик қадимий қўрғонларидан қўлга киритилган идиш ва сополларга ўйиб ёзилган катибалар, Бисўтун, Посоргод ва Персепўлисдаги саноқсиз катибалар, шунингдек, олтин суви билан терига ёзилган қимматбаҳо Авесто қўлёзмалари,  ислом динига қадар ҳам Эронда ёзув ва хаттотлик бўлганини кўрсатади.

Ислом дини тарқала бошлагач, ёзув ва хаттотликка бўлган эхтиёж янада кучайди. Бу талаб, бир томондан, Эрон аҳолиси орасида муқаддас Қуръони каримни тарқатиш, иккинчидан эса, мамлакат исломий ҳукумати томонидан диний-сиёсий таблиғот-ташвиқот ишларини олиб бориш заруратидан келиб чиққан. Бироқ ўша даврда Қуръони карим ва бошқа диний китоблар қўлда кўчирилиб тарқатиларди. Қуръони мажидни кўчириб ёзишда бошида куфий хатидан фойдаланилган эди. Бир оз вақт ўтиб, бу хат тури бошқа китоблар, катибалар, масжидлар ва гумбазлар пештоқидаги битикларда ҳам қўлланила бошлади ва у хаттотлар назарига тушди. Эронда тахминан 10-асрда “куфий” хатининг янги тури яратилди ва у кўпроқ “Эрон куфийси” номи билан танилди. Салжуқийлар сулоласи даврида бу хат тури камолат чўққисига етди. Замон ўтиши билан куфий хатидан асосан безак ва зийнат беришдагина фойдаланила бошланди. Қуръон ва бошқа матнларни ёзиш учун унинг ўрнини  “насх” хати эгаллади. Насх олти хат тури ёки “Ақломи ситта”дан бири бўлиб, уни бундай аталишига сабаб, IХ асрдан кейин  қўлёзма нусхаларини кўчиришда(“Нўсхенависи”) насх хатидан фойдаланила бошланди ва ХI аср охиригача китобат санъатида тақрибан куфий хати ва унинг турли шакллари ўрнини эгаллади. Сафавий сулоласи даврида эса хаттот Аҳмад Нейризи томонидан Эронда насх хатининг янги тури кашф этилди.

Ҳижрий солномасининг биринчи асрларида китобларни безатишга катта аҳамият берилган ва китобнинг қиймати биринчи навбатда унинг қандай зийнатланганига қараб белгиланган. Китобат санъатида тазҳиб(қўлёзмага олтин суви юритиш), мўъжаз расм(миниатюра)лар ва тажлид(муқовасозлик) билан бир қаторда хаттотлик ҳам китобни безатишда асосий устунлардан бири ҳисобланган.  Тазҳибда фойдаланилган шакллар, кўпроқ, гул ва гиёҳ расмлари ва айниқса, машҳур ислимий нақш(чирмовиқсимон банд, барг ва гуллар тасвири) бўлган. Гоҳида ёзувдаги безак ва тазҳиб шу даражада маҳорат билан ишланганки, китоб матнини ўқишни ҳам қийинлаштирган.   

Мўғуллар босқинидан сўнг хаттотлик ва тазҳиб санъати ривожи бир муддат тўхтаб қолди. Бироқ мўғул ҳукмдорлари ислом динини қабул қилгач, хаттотлик ва тазҳиб яна жонланди. Бу даврда Эронда “таълиқ” деб номланган янги хат тури ишлатила бошланди. Унинг хусусияти шунда эдики, ҳарфлари ўнгдан чап томонга эгилган бўлиб, пастдан тепага ёзиларди.

Тазҳиб бу даврда ҳам илгари бўлгани каби сатрлар ўртасидаги безаклардан иборат бўлган.   Қўлёзмаларда матн ҳошияланиб, қоғознинг қолган қисмига тилла ранг югуртирилган. Ўша даврнинг машҳур хаттотлари сифатида Абдулла ибн Муҳаммад Ҳамадоний ва Абд ас-Сайрафи номларини келтириш мумкин. “Мақомоти Ҳаририй” (“Ҳаририйнинг маънавий юксалиш босқичлари”) китоби  қўлёзма нусхаларидан бирининг хаттотлиги ва безакларини Сайрафий қилқаламига мансуб деб билишади.

Темурийлар даврида ҳуснихат ва тазҳиб анча ривожланди. Ўша давр хаттотлигининг асосий хусусияти шундан иборат бўлганки, “насх” ва “таълиқ” хат турларининг қўшилишидан “настаълиқ” дея номланган янги хат тури юзага келган.  Бу иш машҳур хаттот Мир Али Табризий ҳиммати билан амалга ошди. Унинг хаттотлик санъатининг шоҳкор асари  Хожуйи Кермонийнинг “Ҳўмо ва Ҳумоюн” китобидаги ҳуснихат бўлди. Мазкур асарнинг безакларию расмлари Жунайд мўйқаламига тегишлидир. Бу даврнинг бошқа таниқли хаттотлари сифатида Жаъфар Босунқурий Табризий ва Алишер Навоий девони ҳуснихатининг соҳиби Султон Али Машҳадий номларини келтириш керак.

Сафавийлар даврида тазҳиб ва ҳуснихат ўзига хос ривожланиш йўлини босиб ўтди. Тазҳиб санъати хаттотликдан ажралиб чиқди ва олтин суви югуртириш билан боғлиқ бу ҳунар мустақил касбга айланди.  Тазҳиб эндиликда илгари бўлгани каби матн ичида эмас, балки ёзувларнинг ҳошиясига ишланадиган бўлди. Мавлоно Ҳасан Бағдодий бу даврнинг машҳур тазҳиб санъати вакилларидан биридир. Хат ва ҳуснихат ҳам бу даврда китобат санъатидан алоҳида ҳолда баҳоланадиган бўлди. Ўша пайтда кўпроқ “руқъа” хати шаклида кўзга ташланади. Яна бир жиҳати, бу даврда рассомлик ҳаттотликка кучли таъсир кўрсатган. Сафавийлар даврида “настаълиқ” хати жуда эътиборли бўлган. Мир Эмод насталиқ хатини сифат жиҳатдан юксалтириш учун кўп ва хўб саъй-ҳаракат қилган. У қўллаган усул настаълиқ хати тарихида фойдаланилган энг чиройли ва таъсирлилардан бири ҳисобланади. Айнан шу сабабли ҳам уни хаттотлик тарихида настаълиқ ёзувининг энг буюк устози, деб биладилар.

Али Ризо Аббосий настаълиқ хатининг бошқа машҳур хаттотларидан бири бўлган. У бу хат туридан ташқари, шунингдек,”сўлс” хатида ҳам тенги йўқ уста бўлган.  

Ўша даврнинг ўзида таниқли хаттот Дарвиш Абдулмажид Толиқонийнинг ҳаракатлари самараси ўлароқ настаълиқ хатидан бошқа бир хат тури ривожланиб чиқди. У “шекасте-йе настаълиқ”(синиқ настаълиқ”) номи билан танилган. ”Шекасте” Эрон ёзувларидан бири бўлиб, “таълиқ” ва “настаълиқ” хатларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Бироқ унда қавслар ва боғланишлар сони кўпроқ. Унинг соддароқ ва равонроқ хили “шекастейе таҳрири”(“кундалик ёзув шекастеси”) дея номланади.  Мир Эмод “настаълиқ” хатини камолига етказгани каби “шекасте” хатини ҳам Абдулмажид Толиқоний олий даражага етказди. Саъдий Шерозийнинг  Унинг энг қимматли ва нафис хаттотлик асари Саъдий Шерозийнинг  “Куллиёт” қўлёзмасидир(ундаги кўпсонли қоғоз парчаларидаги ёзувлар ва пароканда битиклар билан бирга).

Зандийлар ва Қожорлар салтанатлари замонида ва ундан кейинги даврларда китобларни безатиш(китобат санъати) аҳамияти сакие-аста камайиб борди. Балки бунинг сабабларини Эронда нашриётлар фаолияти ривожланиб борганида излаш керакдир. Аммо айни пайтда, хаттотлик ҳам тараққий этиб борди. Бу даврда етук хаттотлар етишиб чиқди. Уларнинг орасида Абдуллоҳ Ошур, Ашраф ал-Кетоб (Зайнулобидин Исфаҳоний), Весол Шерозий ва ўғиллари, Муҳаммад Шафиъ Табризий, Мирзо Санглох (МуҳаммадАли Қучоний: унинг энг машҳур асари катта мармар бўлагига “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим” калимасини ёзгани бўлган)ларни ажратиб кўрсатиш мумкин.    

Аммо бу замон хаттотларининг етакчиси МуҳаммадРизо Калхўр бўлган. У хаттотликда Мир Эмод ҳуснихатига тақлид этган ҳолда машқ қилиб, охир-оқибат, Носериддин-шоҳнинг  назарига тушган. Калхўрнинг  хати билан бизнинг кунларгача етиб келган асарлар орасидан “Файз-ад-думуъ”,”Насойиҳ ул-мулук”, “Сафарноме-йи  Носериддин-шоҳ”, “Ресоле-йе Ғадири-йе” каби бошқа асарларини ажратиб кўрсатиш мумкин.  Умуман олганда, Қожорлар ҳукумати ўрнатилгандан кейин, хусусан, Фатҳали шоҳ Қожор ва Носериддин-шоҳ ҳукмронлик қилган замонлар хаттотлик санъатининг жонланиши, айниқса, “настаълиқ” ва “шекасте настаълиқ” хатларининг ривожланиши нуқтаи назаридан жуда самарали бўлган; бу даврда бир гуруҳ забардаст хаттотлар майдонга келганки, уларнинг асарлари эронликларнинг ифтихорига айланган ва уларнинг тарихини бойитган.

Сиёсий майдондан Қожорлар сулоласи кетганидан сўнг, 1960 йилларгача хаттотлик санъати деярли унутилди. Лекин 1967 йили Эрон хаттотлари жамияти(“Анжўмане хушнависоне Ирон”) таъсис этилгач, Ҳусайн Мирхоний, Алиакбар Кове, Иброҳим Бузарий, Сейед Ҳасан Мирхоний, Хўсрав Заимий, доктор Меҳдий Баёний ва бошқа қилқалам усталарининг ҳиммати билан хаттотлик яна жонланди. Эрон Ислом Инқилоби ғалабасидан сўнг Ғўломҳусайн Амир Хоний бошчилигида  мазкур  жамият  ўқув курслари тармоғини кенгайтирди, натижада, унинг аҳамияти, эътибору нуфузи икки чандон ортди. Ушбу жамият фаолиятининг ривожланиб борганини Эрон замонавий хаттотлигининг  энг муҳим воқеаси дея ҳисоблаш мумкин.

Ҳозирги вақтда Эроннинг баъзи бир замонавий уста-хаттотлари рассомликни хаттотлик санъати билан уйғунлаштириб, диққатга сазовор асарларни яратмоқдалар. Аслида, улар хаттотлик санъатида янги услуб ихтиросига кўл урдиларки, у хаттотлик асари бўлгани ҳолда рассомлик элементларини ҳам ўз ичига олади  ва бу усул “Ҳаттотлик рассомчилиги” (“Наққоши –йи хатт”) номи билан танилди.   

Эронлик хаттотларнинг мамлакат ичидаги ва дунёнинг катта музейларида сақланаётган шоҳкор асарлари, Эрон халқининг қимматли мероси ҳисобланади ҳамда санъатсевар ва ижодкор халқининг нозик ва нафис табиатини ўзида акс эттиради.

 

Association of Calligraphy of Iran

 

Islamic Art

 

Great Calligraphy Master, Mr Yadollah Kaboli

 

Great Calligraphy Master , Mr Amirkhani

 

Anthology of Iranian Masters of Calligraphy