Эронга инвестициялар киритиш
Эрон ҳукуматининг муҳим мақсадларидан бири хорижий инвестициялар, солиқлар йиғиш тизими ва иш билан таъминлашга оид қонун-қоидаларни ислоҳ қилишдан иборат.
Эронга ўз сармояларини киритиш истагида бўлган ишбилармон-тадбиркорлар, даставвал, мамлакатнинг бу борадаги қонун-қоидалари, давлат томонидан бериладиган ҳуқуқий кафолат ва имтиёзлар тизими, мавжуд рисклар ва енгилликлар, киритган маблағлари юқори самарадорликка эришишни таъминлашига оид етарлича тўлиқ маълумотга эга бўлишлари керак.
Шак-шубҳасиз, Эрон улкан потенциал имкониятларга эга: 80 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган ички бозор, исботланган жаҳон нефть захираларининг 11 %, жаҳон газ захираларининг 15 % , қатор нефть-газ кимё мажмуалари, бир нечта пўлат қуйиш корхоналари ва бошқа имтиёзлар эгаси. Кўплаб хорижий инвестор компанияларнинг Эронда фаолият кўрсатганлиги ва ҳозирда ҳам муваффақиятли иш олиб бораётгани, бу ерда бошқа мамлакатларнинг бозорларига, ҳатто Яқин Шарқ бозорларига қараганда, кўпроқ ва яхшироқ имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.
Айни пайтда, умуман олганда, хорижий инвестициявий компаниялар Эронда мавжуд ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳити билан тўлиқ таниш эмас.
Эрон ҳақиқатан ҳам, Яқин Шарқда тенги йўқ бозорга эга. Аҳолиси улкан бу ҳудудда чексиз табиий бойликлар жамланган. Халқаро талабларга мос энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ишончли манбаларга таянилган ҳолда берилган маълумотга кўра, Эрон иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги 20та қудратли давлатлар сирасига киради.
Қуйида ушбу мамлакатнинг айрим инвестициявий афзалликлари кўрсатилган:
- Қулай геостратегик жойлашуви: Эронни Яқин Шарқ, Осиё ва Европа мамлакатларига боғланган тенги йўқ чорраҳанинг қоқ ўртасига қиёслаш мумкин. Савдо-иқтисодий, божхона, солиқ ва инвестициявий қонун-қоидалари эса унинг минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан устун жиҳатлари ҳисобланади;
- Бозори имкониятлари ва халқаро транспорт коммуникацияларига яқинлиги: 80 миллиондан ортиқ ўсиб бораётган аҳолиси бор бозор ва қўшни мамлакатларга яқин жойлашганлиги;
- Ишчи кучи жиҳатдан устунликлари: юқори малакали ва тажрибали мутахассислари, иш ҳаққининг бошқа мамлакатларга нисбатан катта эмаслиги, иқтисодиётнинг альтернатив шакллари, қудратли саноат базаси ва кенг тармоқли хизмат кўрсатиш тизими бор;
- Ривожланган транспорт инфратузилмаси: Эроннинг барча ҳудудларида автомобиль, темир йўл транспорти коммуникациялари тармоқлари, транспорт-логистика ва инфратузилмавий иншоотлари мавжуд;
- Ишлаб чиқариш таннархи кам: Эронда кенг электр-энергетика, интернет-телекоммуникация, транспорт ва умумий хизматлар кўрсатиш имкониятларининг мавжудлиги сабабли товар ишлаб чиқариш таннархи анча қисқаради;
- Табиий бойликлари кўп: нефть, газ, металл, рангли металлар ва бошқа хилма-хил табиий-ер ресурсларининг мавжудлиги ишлаб чиқариш учун бошланғич материалларни осонликча қўлга киритиш имконини беради;
- Қулай иқлим шароити бор: бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг тўрт минтақасида тўрт фаслни кузатиш мумкин. Бу эса, бутун мамлакат бўйлаб қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун яхши имтиёз беради.
Тўлиқроқ маълумот олиш ва Эронда инвестициялар тўғрисидаги қонун-қоидалар билан танишиш учун қуйидаги веб-сайтлар билан боғланиш мумкин:
Trade Promotion Organization of Iran
(Organization for Investment Economic and Technical Assistance of Iran (OIETAI
Iran chamber of commerce, industries, mines and agriculture
Calendar of exhibitions in Islamic Republic of Iran